Бир нидо бор, тингланг, биродар,
Моҳиятин англанг, биродар,
Ўзингизга тенгланг, биродар:
"Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Мўмин эдим, мусулмон эдим,
Сени Роббим ягона, дедим,
Аммо мўмин гўштини едим,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Кузатдим воҳ, мўмин изларни,
Роҳатландим кўриб тизларни,
Ҳижобини тортдим қизларни
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Нетай, шўро тузумда ўсдим,
Менга ёвдек кўринди дўстим,
Болаларни жумадан тўсдим,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Индамадинг, ошим ошадим,
Бир чиройли ёшим ёшадим,
Лек Қуръондан чўчиб яшадим,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Росулингни севмай ўтганим,
Ёт қўлларга қўлим тутганим,
Сароб бўлди йиғлаб кутганим,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Дил дардини ҳеч ечолмадим,
Дин шарбатин бир ичолмадим,
Мансабимдан воз кечолмадим,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!