: BoLaLiK - 18 Июля 2014 - SEVGI HAQIDA SHERLAR ONLAYN ОНЛАЙН
Главная » 2014 » Июль » 18 » BoLaLiK
18:52
BoLaLiK

Гарчанд сўлғин, руҳим,исёним,
Болалигим бироқ ўлмаган.
Бир бола бор... тоза ошёнли,
Хуржунлари ўтга тўлмаган. 

Бир бола бор... чўлоқ эшакда
Чизган қишлоқ харитасини –
Узоқ эди ўтрик гўшакдан
Умр кечди олатасирли. 

Қўлларидан тушмади ўроқ,
Сигир еди бармоқларини.
Мағрур эди болакай бироқ,
Умид ёқар қароқларини. 

Бир бола бор толтуш... тушида
Ухлар эди оппоқ тўшакда.
Бир лаҳзада кетди ҳушидан
Йиқиларкан қайсар эшакдан. 

Ор-номусу, орзу зиёда,
Шеърлар ёзди болакай тунлар.
Бахтсиз эди бола дунёда –
Хуржун ўтга тўлмаган кунлар. 

Шеър ўқирди далаларда у,
Шеър ўқирди ғумай, ўтларга.
Юрак тўлган паллаларда у
Исм қўйди қари тутларга. 

Бир кун... бари тугади, тамом,
Дала, ўроқ ва хуржунлари.
Бола жўнар шаҳарлар томон
Кўз олдидан ўтиб кунлари. 

Шаҳар катта...
Кечалар равшан.
Юлдузлардан кўпдир чироқлар.
Базму жамшид, кулгулар шўх-шаън,
Дилни ўртар сузик қароқлар. 

Бунда ҳамма пўрим, озода,
Бир-бирини севар, жонимлар.
Гуноҳ эмас, гоҳо базмда
Эри билан отса хонимлар. 

Тез тугайди ҳайрату хаёл,
Кўнгил қўмсар дашту далани.
Қай бир кунда сотарди аёл
Ойнавандда ўсган лолани. 

Хира тортди...
Юлдузли осмон,
Ортда қолди боғлар, баҳорлар.
Туҳфа этиб ҳажру ишқ, достон.
Дилни ташлаб кетди гулзорлар. 

Васли ҳижрон кетди қоришиб,
Ҳаёт оқди телба-тескари.
Шомда келар олам ёришиб,
Ёҳу, тонгда зулмат лашкари. 

Оғрир руҳим. Оғрийди руҳим,
Тонг шамоли –
бир ҳазин нола.
Осмонларда изғийди оҳим,
Сени жуда соғиндим, бола. 

Ойдан олгин ўроқларингни,
Юлдузларга тўлсин хуржунинг.
Кўкдан сўра гуноҳларимни
Чеки борми қисмат ҳажрининг?! 

Дўстдан рақиб бисёр дунё бу,
Юрагимни таларлар гоҳо.
Ёлғиз қолдим – чорладим сени,
Болалигим – энг буюк даҳо.

Руҳим ҳажр, юрагим ҳажр,
Куйга солдим ҳажрларимни.
Юрагимни бир оғриқ ғажир,
Олиб кетгин ҳажрларингни.


Мен йиғладим. Руҳим – исёним,
Болалигим бироқ ўлмаган.
Бир бола бор – тоза ошёним,
Хуржунлари ўтга тўлмаган.
Категория: yowlik xaqida sherlar | Просмотров: 3754 | Добавил: beguborim | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: